Болалар йўналишида ижодкорларни бирлаштирувчи платформа яратилади - Ғайрат Бозоров
Бугун Паркент ижод уйида “Ноширлар ва муаллифлар учрашуви: болалар ва ўсмирлар адабиётидаги муаммолар ва ечимлар”мавзусида семинар ўз ишини бошлади.
Етакчи нашриётлар, босма нашрлар муҳаррирлари, ноширлар, ёзуви-адиблар, ёш ижодкорлар, ОАВ вакиллари иштирокидаги тадбир жорий ҳафтада Республика бўйлаб давом этаётган “Ўзбекистон – китобхонлар юрти” шиори остида V Республика “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида бўлиб ўтмоқда.
Семинарни АОКА директорининг ўринбосари Ғайрат Бозоров очиб берди.
“Болалар адабиёти ривожига нафақат мамлакатимизда, балки глобал миқёсда эътибор қаратилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида 50 та болалар учун мўлжалланган китобга буюртма берилди. Бу йил ҳам ижодий ишлар давоми сифатида яна 50 та китобга буюртма бериш кўзда тутилган. Бугунги семинарда ижодкорлар жамоаси кенг муҳокамалар ва таклифлар билан чоп этилажак асарларни саралаб олишади”,-деди Ғайрат Бозоров сўзи давомида.
Сўзга чиққанлар сўнгги йилларда болалар адабиётини ривожлантириш фонида кўплаб нашриётларда болалар адиблари билан ҳамкорлик муносабатлари яхшилангани, адабиётлар салмоғи ва сифати ошганини қайд этишди.
Иштирокчиларнинг чекка қишлоқлар ва узоқ манзилда яшовчи болалар ижодкорларининг асарларини нашриётларга қандай етказиш борасидаги саволига “Янги авлод” нашриёти негизида Телеграм ижтимоий тармоғида “Болалар ижоди” клуби фаолият юритиши маълум қилинди.
Қўшимча равишда Ғайрат Бозоров АОКА томонидан барча ҳудудларда профессионал ва ҳаваскор болалар адибларини ягона нуқтага бирлаштирувчи платформа яратилиши назарда тутилаётгани, бунинг техник-ташкилий масалалари юзасидан иш олиб борилаётганини таъкидлади.
Семинар давра суҳбати шаклида давом этмоқда.