Ахборот хизмати фаолиятини яхшилаш мезонлари: мобилография, пресс-пул ва медиа маълумотлар билан ишлаш

25.04.2025, 18:10

ОКМК Маданият уйида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги тизим ташкилотлари Ахборот хизмати масъуллари учун семинар-тренинг ташкил этилди. 


Семинарда АОКА Ахборот хизмати бўлими мутахассислари Дилноза Қурбонова ва Мурод Файзиев матбуот котиблари фаолиятида муҳим аҳамиятга эга масалалар юзасидан тақдимот қилишди. 


Жумладан, Дилноза Қурбонова журналистлар ва блогерларни жалб қилган ҳолда матбуот пуллини шакллантириш ва улар билан ишлаш, коммуникация воситаларини тўғри, оқилона қўллаш, инқирозли вазиятларда пулл хизматини тезкор йўлга қўйиш бўйича маъруза қилди. 


Мурод Файзиев фотоаппаратлар турлари, улардан медиа контент яратишда самарали фойдаланиш, сифатли фото-, видеомаҳсулот қандай бўлиши тўғрисида маълумот берди. 

Шунингдек, ОКМК Ахборот хизмати раҳбари Умида Қаршибоева пресс-релиз тайёрлаш, пресс-кит борасида тушунтириш берди. 

Семинарда ташкилотлар фаолияти, амалга оширилаётган ислоҳотларни ва эришилаётган ютуқларни ўқувчиларга етказишда ижтимоий тармоқларнинг имкониятларидан фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.


Шундан сўнг, матбуот котиблари комбинатнинг шонли музейи, Қалмоққир конида бўлишди ҳамда кондаги технологик ишлаб чиқариш жараёни ва 3-Мис бойитиш фабрикаси фаолияти билан танишди.



Ахборот хизматлари масъуллари бундай семинар-тренингларни мунтазам ташкиллаштириш ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлашди. 

Увеличить на0%