Рақамли таълим тизимининг самарадорлиги: бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ташаббуси билан ташкил этилган “Таълим муҳитининг трансформацияси: замонавий ўқитишда рақамли технологияларнинг ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда ушбу савол юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтди.
АОКА директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов, бўлим бошлиғи Тоҳир Умаров, шунингдек, АҚШ, Жанубий Корея, Хитой, Сингапур, Туркия ва бошқа мамлакатлардан таниқли олимлар, рақамли таълим технологиялари мутахассислари, шунингдек, ҳудудларидан педагоглар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари иштирокида ўтказилган тадбирда замонавий ўқитиш жараёнида рақамли технологияларни жорий этиш ва уларни самарали қўллаш орқали таълим сифатини ошириш бўйича таклифлар билдирилди.
Анжуманда, шунингдек, халқаро тажрибаларни ўрганиш, рақамли ўқув муҳитини ривожлантириш ҳамда педагогик ёндашувларни трансформация қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Матбуот анжуманида сўзга чиққан АОКА директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов рақамли таълимни ривожлантиришда медиасаводхонликнинг аҳамияти ҳақида тўхталди:
"Бугунги кунда ёшлар, хусусан, ўқувчиларнинг медиа таълим олиши муҳим аҳамиятга эга. Бунда таълим тизимлари медиасаводхонлик лойиҳалари, дастурлари бўйича ҳамкорлик доираларини кенгайтиришлари лозим. Ҳозир ўқувчиларнинг деярли барчасида мобил қурилма мавжуд ва уларнинг ҳаммаси Интернет тармоғидан ва ижтимоий платформалардан фойдаланади. Ўқитувчилар керакли ахборотдан фойдаланиш, хабарлар билан ишлашда танқидий фикрлашни шакллантириш учун медиа саводхонликларини мунтазам равишда ошириб боришлари керак. Рақамли таълимда сунъий интеллектнинг имкониятларини оқилона ва тўғри қўллаш бўйича малака ва кўникмага эга бўлишлари ҳамда бу тажрибаларни ўқувчиларга ҳам ўргатишлари зарур", деди Д.Саиджонов.
Конференцияда ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, каби халқаро ташкилотлар вакиллари томонидан замонавий технологиялар асосидаги ёндашувлар, муваффақиятли лойиҳа тажрибалари ва глобал таълим тенденциялари ҳақида маърузалар тингланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда ишлаб чиқилган стартап лойиҳалар ва роботехникалар кўргазмаси бўлиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, АОКА ва Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ўртасида Англашув меморандуми имзоланган бўлиб, унга кўра мактаб ўқувчиларининг ахборот соҳасига бўлган қизиқишини рағбатлантириш мақсадида ҳамкорликда "Media-klub" фаолиятини ташкил этиш белгиланган.